“Нуронийлар маскани”нинг очилиши катта тантанага айланди

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, юртимизнинг барча туман ва шаҳарларида фахрийлар вақтини мазмунли ўтказиши, ҳордиқ чиқариши, саломатлигини мустаҳкамлаши учун зарур шарт-шароитга эга “Нуронийлар маскани” мажмуалари ташкил этилмоқда.

Самарқанд вилоятидаги 16 туман ва шаҳарда ҳам шу кунларда мазкур масканлар қурилиши ишлари якунланиб, мажмуалар фойдаланишга топширилмоқда.

“Нуронийлар маскани”нинг очилиши катта тантанага айланди

Самарқанд шаҳри марказидаги сўлим хиёбонда қарийб 1 миллиард сўм маблағ сарфланиб қурилган ва замонавий жиҳозланган “Нуронийлар маскани”нинг очилиши катта тантанага айланди. Маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуроний отахон ва онахонлар, ёшлар иштирок этди.

Хонадонимизнинг файзи бўлган кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишдек эзгу анъаналар давлатимиз ижтимоий ҳимоя сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Шу мақсадда мамлакатимизда ёши улуғ инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш ва фаровон турмуши учун барча шароит яратиб берилмоқда. Ўз навбатида, ёшларни юксак маънавиятли инсонлар этиб тарбиялаш, турли ёт ғоялар таъсиридан асраш ҳамда жамиятда ўз ўрнини топишида нуронийларимизнинг бой ҳаётий тажрибаси, шахсий ибрати қўл келмоқда.

– Мажмуага кириб, тўғриси, кўзимдан ёш чиқиб кетди, – дейди меҳнат фахрийси Дилбар Имомова. – Биз учун нимаики зарур бўлса, барчаси муҳайё этилган. Кутубхона, тиббиёт хонаси, фитобар, фаоллар зали, миллий услубдаги айвон – барчаси баҳри-дилимизни очди. “Нуроний” жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими ҳам эндиликда ушбу бинода фаолият кўрсатади. Бу эътибор ва ғамхўрликка жавобан биз бу ерни маърифат масканига айлантириб, ёшлар билан суҳбатлар ўтказамиз, уларни эзгу ишларга даъват этамиз.

Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Т.Жўраев сўзга чиқди. 

Манба


27 сентября 2017