Ўзбекистон Ислом академияси ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёев 15 декабрь куни Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси нодавлат олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасасига муассислик қилади.

Фармон олий ва ўрта махсус диний таълим ўқув юртлари, илмий тадқиқотлар марказларини юқори илмий савия ва малакага эга мутахассислар билан таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Бугун Тошкент ислом институти ва Бухородаги Мир Араб олий мадрасасида таҳсил олаётган 366 нафар талабага 87 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бермоқда. Ўрта махсус ислом билим юртларида эса жами 1071 талабага 246 нафар педагог дарс бермоқда.

Академия ҳузурида магистрлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш, исломшунослик фанлари магистри, фалсафа доктори ва исломшунослик фанлари доктори илмий даражаларини бериш бўйича Ихтисослашган илмий кенгаш фаолияти йўлга қўйилади.

Ўзбекистон Ислом академияси ҳузурида магистратура (2 йил), таянч докторантура (3 йил) ва докторантура (3 йил) фаолият юритади. Ўқиш ва илмий машғулотлар контракт-грант асосида ташкил қилинади.

Мустақил тадқиқотчилар учун масофадан ўқиш, тадқиқот ишларини мустақил олиб бориш имконияти яратилади, хориждан докторантлар ва тадқиқотчилар ўқиш ва амалиётга шартнома асосида қабул қилинади.

2018−2019 ўқув йилида магистратурага талабаларни қабул қилиш квотаси 16 ўринни ташкил этади. Келгуси йилларда квота миқдорини илмий-педагогик кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда Мусулмонлар идораси белгилайди.

Манба


18 декабря 2017